Медицинский центр DOCTOR SHAHNOZA FAYZ (ДОКТОР ШАХНОЗА ФАЙЗ)

Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар фарзандсиз оилаларга кўмак бериш учун жадал ривожланмоқда. Бу борада таҳририятимизга кўплаб мурожаатлар бўлади. Бугун сизни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.Мутахассисимиз — Ўзбекистон шифокорлари ассоциацияси президиуми аъзоси, олий тоифали акушер-гинеколог Шаҳноза БАҲОДИРОВА. 

«Муолажа қилдирсам ҳам, ҳомиладор бўлолмаяпман… Нега?»

Аксарият кишилар инсеминация жараёнида, эркак уруғи аёл бачадонига махсус юмшоқ котетор ёрдамида юборилгач, ҳомиладорлик юзага келади, деб ўйлашади. Бу нотўғри! Ҳомила пайдо бўлиши учун аввало, аёл тухум ҳужайраси етилиши керак. Мазкур жараён бош мия томонидан тартибга солинадиган гормонлар ҳисобига амалга ошади. Гормоннинг кўп ёки камлиги тухумдон етилмаслиги, овуляция юзага келмаслиги ёки овуляцияга даъват этувчи омилнинг умуман бўлмаслигига ҳам олиб келиши мумкин. Тухумдон етилмаслигини ҳайз даврининг 9 кунидан 14 кунигача ўтказиладиган фоллекуломерия текширувида аниқланади. Шундан келиб чиқиб, аёлда овуляция бор-йўқлигини билиш мумкин. Кўриб турганингиздек, инсенминация жараёнинг ўзи ҳомила юзага келиши учун кифоя эмас. Бунинг учун аёлда овуляция жараёни нормал бўлиши, бачадон найлари ўтказувчан ва эркак уруғи фаол сифатли бўлиши лозим.

Қай Ҳолларда қўлланилади?

Меъёрда ҳар бир аёл организми насл қолдириш хусусиятига эга. Аммо айрим сабабларга кўра мазкур жараён кечикиши мумкин. Агар оиладаги фарзандсизлик эркак уруғининг бачадон бўйинчаси шиллиғидан ўтолмаслиги билан изоҳланса, инсеминация усулига мурожаат қилиш мумкин. Бунда уруғ махсус юмшоқ котетор ёрдамида бачадон шиллиғидан ўтказилиб, бачадон ичига юборилади. Шифокор ёрдами шу билан кифояланади. Зеро уруғнинг кейинги ҳаракати, яъни бачадон найига ўтиши ва най ичида етилган тухум билан уруғланиши табиий жараёнда содир бўлиши лозим. Шундагина ҳомила юзага келади.

Аёл бачадон тузилишида маълум бир аномалиялар бўлса, жарроҳлик аралашуви, туғруқдан кейинги деформациялар натижасида бачадон бўйинчаси қисқариши содир бўлса ҳам, инсеминация усули қўлланилиши мумкин. Махсус мосламалар ёрдамида бачадон бўйни очилиб, юмшоқ котетор орқали тайёр уруғ киритилади.

Айб эркакда бўлса-чи?

Бефарздликнинг эркак саломатлиги билан боғлиқлиги кўп ҳолларда сперма уруғ кўрсаткичининг 40 фоиздан паст бўлиши, тепки, сурункали инфекцион хасталиклар билан оғриганлик, туғма нуқсонлар, мояклар ривожланмай қолганлиги билан таснифланади.  Эркакнинг насл қолдириш хусусиятини аниқлаш учун зарур текширувлар ўтказилиб, сперма таҳлили бажарилади. Агар фарзандсизлик сабаби эркак саломатлигига дахлдор бўлса, зарур муолажалар буюрилади. Инсеминация амалиётида эса эркак уруғи фаол  ва етарли миқдорда бўлиши лозим. Худди аёл сингари эркак ҳам муолажага тайёрланиши, ўзидаги барча сурункали касалликлар, простатит, эпидидимит, шамоллаш ва унинг асоратлари билан курашиши керак. Борди-ю эркак соғлигида муаммо борлиги аниқланса, уч босқичли даволаниш тугагачгина, инсеминация бажарилади.

Мазкур жараён эркак сперма таҳлили уруғ фаоллиги 1-2 фоизни кўрсатганида самарасиз ҳисобланади. Чунки битта тухум ҳужайрани уруғлантириш учун 300 миллион уруғ керак. Демакки, эркак уруғ миқдори кўп ва фаол ҳаракатчан бўлмаса, инсеминация ўтказилиши бефойда. Бу ҳолатда шифокор томонидан кейинги муолажа усуллари тавсия этилади.

Амалиётга қандай тайёргарлик кўрилади?

Инсеминация аёлнинг овуляция кунига мосланади. Овуляция бор-йўқлигини аниқлаш учун гормонал тестлар, УТТ текшируви айрим ҳолларда ҳайз циклининг 14-куни пешоб суюқлиги таркибини ўрганиш орқали бажариладиган тест синалмалари ҳам ўтказилади. Жараён 3 босқичда бажарилиб, эркак уруғи лабаратория шароитида тозаланиб, махсус препаратар ёрдамида бойитилади, сўнгра амалиётга тадбиқ қилинади. Айрим шифокорлар уруғ олингач, шу ондаёқ аёл бачадонига юборишади. Бу нотўғри! Зеро тозаланмаган уруғ таркибида лейкоцитлар, шамоллаш таначалари ва бактериялар бўлса, ўз-ўзидан улар аёл организмига ўтади. Соғлом аёлда нотўғри бажарилган амалиёт сурункали бачадон ички қатламаси, мушакли қисми, тухумдонлар яллиғланиши каби хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Уруғ таркибидаги бактериялар қонга сингиб, 40 дақиқа ичида турли безовталикларга сабаб бўлади. Қайд қилиш, кўнгил айниши, ҳаттоки, ҳушдан кетиш ҳолатлари шулар жумласидан.

МУОЛАЖА ШУ КУНИ ЎТКАЗИЛАДИМИ?

Зарур текширувлардан сўнг жуфтлик инсеминация учун тайёр деб топилса, эркак уруғ намунасини топширади. Сўнг 40 дақиқа давомида уруғ текшируви ўтказилиб, тозаланади. Яна 40 дақиқа давомида озуқа моддалар билан бойитилиб, сифати яхшилангач, жараёнга тайёр саналади. Муолажа вақти аёл УТТ текширувидан ўтказилиб, овуляция ҳолати баҳоланади. Шунга кўра тайёр ҳолга келтирилган уруғ бачадонга юборилади.

«Ёшим ўтиб қолмадими?»

Инсеминация учун мурожаат қилган жуфтликлар 35 ёшдан ошган бўлишса, амалиётдан аввал генетик мутахассис хулосаси талаб қилинади. Аёл ва эркак илгари қандай касалликлар билан оғригани, оиласида ирсий хасталиклар эҳтимоли, меҳнат тури ўрганилади. Ҳозирда аёллар учун фарзанд кўришни аниқлашда тухум заҳирасини текшириш усули мавжуд. Бунда аёлдан қон таҳлили олиниб, айнан тухум захираси ҳолатини кўрсатувчи гормонлар таҳлили ўтказилади. Баъзи аёлларда мазкур захира 42 ёшгача ҳам сақланиб қолса, айримларда 32-35 ёшлардаёқ тугайди. Текширув хулосасига кўра тухум захирасининг фоизи пасайган бўлса, бола кўриш учун давомли муолажалар кор қилмайди. Эркакларда эса насл қолдириш хусусияти 45 ёшдан сўнг сустлашиши мумкин.

Бир мартаси натижа бермаса, такрорлаш мумкинми?

Маълум  адабиётларда инсеминация амалиёти 8 мартагача такроран ўтказилиши мумкин дейилади. Агар овуляция мавжуд бўлиб, эркак уруғи сифатли ва бачадон найи очиқ бўлса-ю, муолажа натижасиз кечса, инсеминация давом эттирилмай, бошқа усуллар тавсия этилади. Агар аёл организмида ўзгаришлар кузатилиб, яллиғланиш юзага келса ёки овуляция содир бўлмаса, инсеминациянинг такроран бажарилиши кейинги ойларга қолдирилиши ҳам мумкин.

«Фарзанд жинсини режалаштира оламизми?»

Муолажа аввало ҳомиладорлик юзага келиши учун ўтказилади, фарзанд жинсини режалаштириш учун эмас. Инсеминация жараёнида ҳомила жинсини режалаштириш имкони йўқ.

Крипторхизм безовта қилса-чи?

Касаллик неча ёшда юзага келгани ва қандай муолажа қилинганига кўра насл қолдириш хусусиятини баҳолаш мумкин. Эркак спермограмма таҳлили ўтказилиб, уруғ ҳажми, ҳолати ва миқдори ўргиналади. Уруғ таҳлилида битта ҳам фаол уруғ аниқланмаса, тушкунликка тушиш ярамайди. Яна бир текширув усули сифатида биопсия бажарилади. Агар тухум ичида сиртга чиқолмаган сперматазоид хужайралари, уларнинг ривожланиши аниқланса, фарзанд кўриш эҳтимоли мавжуд бўлади.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади

Cуғдиёна газетасига олий тоифали шифокор Шаҳноза Файзуллаевна берган интервюси
Doctor Shahnoza Fayz
Добавить комментарий